2013 йилги Нобель мукофот соҳиблари номи 7-14 октябрь кунлари оралиғида Швеция пойтахти Стокгольм шаҳрида эълон қилинади. Бу ҳақда, «РИА Новости»га асосланиб, «Газета.uz» хабар бермоқда.
Ҳафтани Стокгольмдаги Каролина тиббиёт институти ҳузуридаги Нобель қўмитаси очиб беради. Душанба куни қўмита физиология ва тиббиёт соҳасидаги Нобель мукофоти эгалари номини эълон қилиши керак. Сешанба куни эса Швеция Қироллик Фанлар академияси Нобель қўмитаси физика ва кимё соҳасидаги ғолибларни эълон қилади.
Адабиёт йўналишидаги Нобель мукофоти ғолибини аниқлаши керак бўлган Швеция адабиёт академияси ҳозирча бирор бир санани аниқ белгилай олганича йўқ. Анъана тусига кирган одатга кўра, академия бу ишни лауреатлар номи эълон қилинадиган ҳафта арафасида ёки ўша ҳафта бошида қилади.
Ослодаги Норвегия Нобель қўмитаси эса тинчликни мустаҳкамлаш йўлидаги хизматлари учун мукофотланган шахс ёки шахслар номини эълон қилади. Бу йил ушбу йўналишдаги мукофотга 259та даъвогар бўлиб, улардан 50таси халқаро ва жамоат ташкилотларидир. 2012 йилги Тинчлик йўналишидаги Нобель мукофоти Европада тинчлик ва ярашув, демократия ва инсон ҳуқуқлари тарғиботи учун олтмиш йил давомида ҳисса қўшиб келган Европа Иттифоқига топширилган эди..
Нобель ҳафталиги 14 октябрь куни Стокгольмда, Швеция Қироллик Фанлар академияси иқтисодиёт соҳасидаги ғолиблар номини эълон қилиши билан якунига етади. Ушбу йўналиш 1968 йили Швекция Давлат банки томонидан Альфред Нобель хотираси учун таъсис этилган. Альфред Нобелнинг ўзи эса XIX аср охирида фақат бешта йўналиш бўйича мукофот топширишни васият қилган эди.
Ҳар бир Нобель мукофотининг бу йилги жамғармаси 8 миллион Швеция крони (926 минг евро ёки 1 миллион доллар)ни ташкил этади.