Ўзбек миллий таомларидан бири – норин Гиннеснинг рекордлар китобидан ўрин олади. UzDaily хабарига кўра, 3 октябрь куни Москвадаги «Қозон» чойхонасида 502 килограмм норин тайёрланган. Норин одатда байрамлар ёки бошқа эсда қоларли тадбирлар вақтида тайёрланадиган тансиқ таом бўлиб, у ҳамир ва от гўштидан пиширилади. UzDaily хабарига кўра, Шеф-ошпазлар миллий гильдияси президенти ва машҳур ўзбек ошпази, Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси аъзоси Ҳаким Ғаниев бошчилигидаги ошпазлар жамоаси норин тайёрлашган. Ҳамирни ёйиш, уни кесиб чиқиш, гўшт майдалаш каби сўнгги босқичдаги ишларда ошпазлар жамоасига ёрдамга Россия сиёсати, бизнеси, маданият, спорт ва космонавтика соҳасининг кўзга кўринган арбоблари қўшилишди. Рекорд даражадаги миқдор – 502 килограммга тенг норин «Интеррекорд» агентлиги бош директори Влад Копилов томонидан қайд этилди ва у ҳужжатларни Гиннеснинг рекордлари китобида рўйхатдан ўтказиш учун расмийлаштирди. Тадбир якунида тайёрланган таом ушбу байрамга ташриф буюрган барча москваликларга тақдим этилди.
|