Икки иш инсонда
давомли бўлмайди: ёшлиги ва қуввати. Икки нарса инсонда ўзгармайди: табиати ва
шакли. Икки нарса у билан бирга улғайиб боради: ақли ва амали. Икки нарса
борки, у улғайган сайин улар кичиклашиб боради: хофиза(хотира)си ва териси.
Икки нарса борки, ундан бирор инсон уялмайди: қорин тўйғазиш ва ҳожатга бориш.
Икки нарса борки, ундан ҳар қандай инсон хижолат қилади: ўғрилик ва хиёнат.
Икки нарса борки, у ҳар бир инсонга манфаат етказади: гўзал хулқ ва
олийжаноблик. Икки нарса борки, у ҳар қандай инсонга зарар етказади: бойлик ва
неъмат эгаларига ҳасад ва гина қилиш. Икки нарсанинг ками ҳам, кўпи ҳам
зарарлидир: таом ва ичимлик. Икки нарсанинг ортиқчаси зиён, ками яхшидир: одат
ва тақлид. Икки нарсанинг зиёдаси яхши, ками зарарли: ибодат ва эҳсон. Икки
нарса кишига моддий жиҳатдан зарарли бўлсада одамларга фойдалидир: эзгу амаллар
учун мол сарфлаш ва Аллоҳ йўлида ҳаёт сарфлаш. Икки нарса борки, у кишига
моддий фойда, яқинларга эса зарар келтиради: касб – кор сирини яшириш ва
тажриба муваффақиятини сир сақлаш. Икки нарсани барча одамлар яхши кўради: мол
ва жамол. Икки нарсани барча одамлар ёқтирмайди: зулм ва фасод. Икки нарсани
ҳамма севади: нафс ва фарзанд. Икки нарсадан барча қўрқади: ўлим ва фақирлик.
Одамлар икки
нарса ортидан юрадилар: гумон ва хаёл. Барча одамлар икки нарсадан қочадилар:
касаллик ва очлик. Икки нарса борки, доимо шундай кўринишни ҳоҳлайдилар: мард
ва хурсанд. Барча одамлар икки нарсани эшитмоқни ҳоҳлайдилар: гўзал овоз ва
башорат. Ҳамма қўлга киритишни ҳоҳлайдиган икки нарса бор: шон – шуҳрат ва
одамлар мақтови.